Тошкентда “Италия ва Марказий Осиё ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Италия – Марказий Осиё” шаклидаги иккинчи вазирлар конференцияси дастуридан ўрин олган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё халқаро институти ва Венециянинг “Ка Фоскари” университети, Марко Поло номидаги “Европа – Осиё” глобал алоқалар маркази томонидан ташкил этилди.
Марказий Осиё халқаро институти директори Aнвар Носиров ва Италия ташқи ишлар вазири ўринбосари Манлио Ди Стефано анжуманнинг долзарблигига алоҳида тўхталиб, ҳамкорликни ривожлантиришда илмий ёндашув жуда муҳим эканига урғу беришди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда, Италия Марказий Осиё давлатларининг Европадаги муҳим сиёсий, дипломатик ва иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.
Жумладан, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабат ҳам барча соҳада ривожланишнинг ижобий ўсиш суръатини намоён этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон-Италия Ташқи ишлари вазирлари мунтазам маслаҳатлашув учрашувларини ўтказиб келинмоқда. Парламентлараро алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. 2005 йилда Италия парламенти ташаббуси билан “Италия-Ўзбекистон” дўстлик ва ҳамкорлик ассоциацияси ташкил этилди. 2011 йил 22 декабрдан Олий Мажлисда “Ўзбекистон-Италия” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда.
Мамлакатларнинг ўзаро савдо айланмаси ҳажми 2017-2020 йиллар оралиғида 179,7 миллион доллардан 348,4 миллион долларга етди. Ўзбекистонда Италия капитали иштирокида 50 та корхона фаолияти йўлга қўйилди.
Бу галги давра суҳбатида Марказий Осиёнинг барча давлатлари стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатларга ихтисослашган институтлари, шунингдек Европанинг бир неча мамлакати илмий муассасалари, масалан Италиянинг Бикока, Шотландиянинг Сент-Эндрюс университетлари вакиллари ўз маърузалари билан қатнашди.
Мулоқот давомида маданий меросни оммалаштириш ва асраб-авайлаш, барқарор ривожланиш, академик алоқаларни чуқурлаштириш каби ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари қамраб олинди. Томонлар қисқа ва ўрта муддатли истиқболда шериклик кўламини янада кенгайтиришга оид мавжуд имконият, салоҳиятни аниқлашга алоҳида эътибор қаратдилар.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар ушбу анжуман Италия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам эканини бир овоздан эътироф этдилар.